Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров Грознийдаги президент саройида Саудия Арабистонининг Ислом ишлари вазири Шайх Абдуллатиф ал-Асайхни қабул қилди. Вазир ўз делегацияси билан Европадаги энг катта масжид ҳисобланувчи “Мусулмонлар Фахри” нинг очилиш маросимига ташриф буюрган.
Қабул бошида Қодиров ал-Асайх ҳамроҳлигидаги делегацияни кутиб олар экан, уларга Чеченистонга ташрифлари яхши ўтишини тилади. Ал-Асайх қирол Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг чечен халқига саломларини етказди. У масжиднинг дизайни ва қурилишини юқори баҳолади ва бу Исломнинг мўтадил таълимотларини тарқатишда бамисли маёқ вазифасини бажаришига умид билдирди.
Қодировнинг илтимосига биноан Жаҳон Мусулмон Лигаси бош котиби доктор Муҳаммад бин Абдулкарим ал-Исса масжиднинг биринчи жума маъвизасини олиб борган.
Маълумот учун, мармар билан безатилган ушбу масжидда бир вақтнинг ўзида 30 мингдан ортиқ мусулмонлар ибодат қилиши мумкин. Масжид қурилишда ўзбек уста ва меморлари ҳам қатнашган.