Айни дамда Тошкент марказий Экобоғида "Келажак учун сувни асранг" мавзусида тадбир ўтказилмоқда.
Тадбир Сув хўжалиги вазирлиги, БМТ Кичик грантлар дастури, "Агробанк" ва “ОМАД СТАРТ” МЧЖ ҳамкорлигида ташкиллаштирилди.
Маълумот учун, 2017 йилда ташкил этилган “ОМАД СТАРТ” МЧЖ 2019 йилдан сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш соҳасида кенг қамровли ишларни амалга ошира бошлади. “ОМАД СТАРТ” томонидан 2021 йил қарийб 20 000 гектар ер майдонларига томчилаб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари жорий қилинган. Жорий йилда эса 30 000 гектардан ортиқ ер майдонларига худди шундай технологияларни жорий этиш режалаштирилган. Бу борада фермер хўжаликлари ва кластерлар билан шартномалар ҳам имзоланган.
“ОМАД СТАРТ” МЧЖ жаҳон андозалари даражасида қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича Ўзбекистондаги етакчи ва жадал ривожланаётган корхоналардан бири ҳисобланади. Хусусан, томчилатиб суғориш ускуналарини етказиб бериш, ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш корхона фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Томчилатиб суғоришда сув тўғридан-тўғри маданий ўсимликлар ва экинларнинг илдиз қисмига томизғичли диспенсерлар ёрдамида тартибга солинадиган кичик миқдорда етказиб берилади. Сув ва бошқа ресурсларни (ўғитлар, меҳнат харажатлари, энергия ва қувурлар) сезиларли даражада тежаш имконини беради. Шунингдек, бу суғориш усули эрта ҳосил олиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, касалликлар ва бегона ўтларнинг тарқалиш эҳтимолини камайтиради.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар, сув тежовчи технологиялар бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилар ва пудратчи корхоналар, кластер ва фермер хўжаликлари вакиллари ва бошқалар қатнашмоқда.
Тадбирни очиб берган Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев сувни тежаш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини айтди.
Тадбир давом этмоқда.