Украина президенти Владимир Зеленский Россияни украиналикларни ўлдиришни тўхтатишга ва урушдан воз кечишга нима мажбур қилиши кераклигини маълум қилди. У бу ҳақда Телеграмда ёзиб қолдирди.
"Харков, Днепр, Доброполе ва бошқа шаҳар-у жамоаларимиз. Бу тун давомида Россиянинг 100 дан ортиқ ҳужумкор дрони, ҳафта бошидан буён эса 375 та ҳужумкор дрон, уларнинг 190 тадан кўпроғи "Шаҳид"лар бўлган," дея таъкидлади президент.
Унинг айтишича, Харковда икки тўлқинли ҳужум натижасида 45 дан ортиқ киши, жумладан икки бола жароҳатланган. "Энг ёш жабрланувчи атиги беш ёшда. Барчага тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жойларда қутқарув ишлари давом этмоқда. Турар-жой ҳудудлари, кўп қаватли уйлар, шифохона, мактаб зарар кўрган. Шаҳарнинг жами 13 та фуқаролик объекти шикастланган," - деди Зеленский.
Украина президенти, шунингдек, Днепропетровскдаги ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлганини қўшимча қилди. Яна бир киши ярадор бўлди. Фуқаролик инфратузилмаси ҳужумга учради.
"Украина осмонида Россия дронлари бутун тонг давомида учишни давом эттирмоқда. Бу ҳар куни шундай. Айнан шу сабабли Россияга босим ўтказиш, таъсир кўрсатадиган кучли қўшимча санкциялар жорий этиш зарур. Россияни ўт очишни тўхтатишга ва урушни тугатишга мажбур қиладиган нарса шунчаки сўзлар ёки ишонтириш эмас, балки босимдир. Бу босим Америка Қўшма Штатлари, Европа ва дунёдаги урушнинг ер юзида ўрни йўқ деб ҳисобловчи барча инсонлар томонидан бўлиши керак. Халқимизни ҳимоя қилиш учун қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак, улар Россиянинг ҳаво террорини имконсиз қилади," - дея таъкидлади Зеленский.