Зеленский уруш қишда ҳам давом этиши эҳтимоли юқори эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Донбасс устидан назорат масаласи музокаралардаги асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Украина Қуролли кучларининг фронтдаги кучли позицияси Киевга ультиматумларсиз дипломатик музокаралар олиб бориш имконини бераётганини айтди.
Уиткофф музокараларни «мазмунли ва муҳим» деб атаб, АҚШ натижалардан «жуда руҳланганини» билдирди. Кушнер эса Вашингтон уч томонлама музокаралар форматига қайтишни исташини айтди. Уиткоффнинг сўзларига кўра, янги уч томонлама учрашув ҳақида «яқин вақт ичида» эълон қилиниши мумкин.
АҚШ вакиллари Киевга аввал муҳокама қилинган келишув ҳужжатларининг ўзгарган шароитларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган вариантларини ҳам олиб келган. Бироқ уларда янги ғоялар кўп эмас, музокараларнинг марказий масаласи эса ҳамон Донбасс устидан назорат бўлиб қолмоқда.
Зеленскийнинг маълум қилишича, томонлар уруш ҳаракатлари тугаганидан кейин Украина учун хавфсизлик ва иқтисодий кафолатларни ҳам муҳокама қилган. Кушнер эса АҚШ Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича янги «тинчлик пакети»ни ишлаб чиқиш устида ишлаётганини айтди.
Украина президенти, шунингдек, ҳарбийларни таъминлаш, гуманитар эҳтиёжлар ва мудофаа саноати учун маблағ етишмаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, Россия сўнгги кунларда ҳужумларни кучайтирган ва Киев бунга жавоб қайтаради.
Financial Times маълумотларига кўра, музокаралар иштирокчилари уруш қишга қадар тугаши эҳтимоли кам эканини тан олган. Бироқ АҚШ қиш бошлангунга қадар маълум бир тараққиётга эришиш ва Украинанинг оғир қишки даврга тайёргарлигига ёрдам бериш мумкин, деб ҳисобламоқда.