Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Абу-Дабидаги музокараларда Россия делегацияси Россия қўшинлари Киев назоратида қолган Донбасс ҳудудининг ярмини аллақачон назорат остига олганини даъво қилган.
Украина етакчиси бу ҳақда ижтимоий тармоғида Украина, Россия ва АҚШ вакиллари иштирокидаги музокаралар якунларига муносабат билдириб маълум қилган.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Абу-Дабидаги учрашувлардан сўнг Украина музокаралар гуруҳи унга тегишли маълумотни етказган.
«Абу-Дабидаги учрашувлардан кейин музокаралар гуруҳимиздан иккинчи ҳисоботни олганимда, Россия томони Украина назоратида қолган Донбасс ҳудудининг ярмини аллақачон эгаллаб олган деб ҳисоблаётгани ҳақида хабар беришди. Россия ҳарбийлари ва разведка вакиллари бу ҳақда мутлақо жиддий гапиришган», — деди у.
Зеленский таъкидлашича, Украина делегацияси видеотасвирлар, фотосуратлар ва бошқа далилларни келтирган ҳолда ушбу ҳудудлар Украина назоратида қолаётганини билдириб, Россия томонининг даъволарини рад этган.
«Муаммо ҳам айнан шунда. Путин бошқа воқеликда яшамоқда. Албатта, у америкаликларга Украинанинг шарқини тўлиқ назоратга олиш учун унга бир-икки ой кераклигини айтади», — деди Украина президенти.
Шу билан бирга, Зеленский Америка томони жанг майдонидаги вазият бўйича Украина берган баҳони тасдиқлаганини таъкидлади.
Унинг фикрича, мавжуд келишмовчиликлар давлат раҳбарлари даражасида бевосита музокаралар ўтказиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Зеленский муҳокама қилиниши лозим бўлган масалалардан бири сифатида Херсон ва Днепр дарёсининг қарама-қарши қирғоқларидаги ҳудудлар билан боғлиқ вазиятни ҳам тилга олди.
«Россия томони бир қирғоқни, Украина эса иккинчи қирғоқни назорат қилмоқда. Бироқ одамлар ҳар икки қирғоқда биргаликда яшашни хоҳлайди. Бу Украина шаҳри. Бундай масалалар нозик, аммо биз уларни муҳокама қилишимиз керак», — деди у.
Украина етакчиси, шунингдек, 11 ноябрь куни музокаралар гуруҳлари олий даражадаги учрашувни ташкил этиш имкониятини муҳокама қилиши мумкинлигини маълум қилди.
«Россия бунга тайёр эканига ишончим комил эмас, аммо биз бу масалани кўтарамиз», — дея қўшимча қилди Зеленский.