Украина томони АҚШ, Хитой ва Россия етакчиларининг эҳтимолий учрашувидан олдин Абу-Дабида АҚШ ва Россия музокара гуруҳлари билан учрашув ўтказишни хоҳламоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский журналистларга маълум қилди.
«Бу қандай учрашув бўлишини кўрамиз. Биз, энг аввало, Абу-Дабида ўз учрашувимиз бўлишини жуда хоҳлардик», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, Абу-Дабида уч томонлама учрашув ўтказиш АҚШ томонига боғлиқ. Чунки Россия ва Украина томонлари бундай учрашувда иштирок этишга тайёр эканликларини аллақачон тасдиқлаган.
АҚШ, Хитой ва Россия етакчилари — Дональд Трамп, Си Цзиньпин ва Владимир Путиннинг эҳтимолий учрашувига изоҳ берар экан, Зеленский унда Яқин Шарқдаги вазият ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги можаро муҳокама қилиниши мумкинлигини таъкидлади.