Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларга оид муҳим хабарларни етказиш мақсадида Владимир Путин билан бир ярим соатлик телефон мулоқоти ўтказдилар. Ушбу дипломатик ташаббус Европалик иттифоқчилар ўртасида турли баҳсларга сабаб бўлди: жумладан, Копенгаген ушбу мулоқот ҳамкорлар билан олдиндан мувофиқлаштирилмаганини билдирди.
Дастлаб 20 дақиқа атрофида давом этиши режалаштирилган суҳбат якунда бир ярим соатга чўзилди — бунда Financial Times маълумотларига кўра, вақтнинг салмоқли қисми Путиннинг суҳбатдошларига славянларнинг ўрта асрлар тарихи бўйича маъруза ўқиши билан ўтди. Бу Кремль раҳбарининг Украинани қўллаб-қувватлаётган Европа мамлакатлари етакчилари билан 2025 йил июль ойида Франция президенти Эммануэль Макрон билан бўлган суҳбатидан бери илк мулоқоти бўлди.
Стубб ва Стёре бутун Европа номидан эмас, балки ўз мамлакатлари номидан ҳаракат қилганликларини таъкидладилар. Уларнинг сўзларига кўра, Россиянинг қўшнилари сифатида улар ўз позицияларини Москвага бевосита етказиш имкониятига эга бўлишлари зарур. Мулоқот олдидан улар Украина президенти Владимир Зеленский ва Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашган эдилар. Путин билан суҳбатдан сўнг иккала етакчи яна Зеленский билан боғландилар.
Дания бош вазири Метте Фредериксен ушбу ташаббусга танқидий ва скептик муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, Россияда тинчликка тайёрлик аломатлари кўринмаяпти, Европа мамлакатлари эса алоҳида дипломатик қадамлар қўймасдан, ягона ва жипслашган ҳолда ҳаракат қилишлари лозим. Норвегия бош вазири эса, ўз навбатида, иттифоқчилар суҳбат ҳақида олдиндан хабардор қилинганини айтмоқда.