Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва вилоят ИИББ билан ҳамкорликда навбатдаги рейд тадбири ўтказилди.
Рейд давомида Юқори Чирчиқ тумани Нурафшон МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг муҳофаза минтақасига яқин жойда қум-шағал аралашмаси давлат рақами ечиб олинган юклагич ёрдамида юк машиналарига ҳеч қандай рухсатномасиз юклаб берилаётганлиги аниқланди.
Транспорт воситаларини вақтинчалик сақлаб туриш учун туман ҳудудида жойлашган жарима майдончасига жойлаштириш вақтида ҳайдовчилар қонуний талабларга бўйсунмай, воқеа жойидан қочиб кетди. Ҳуқуқбузарлар ушбу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонунлари талабларини бузишган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида табиатга 4 миллиард 347 миллион 712 минг 454 сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти Прокуратурасига юборилди.