Ишсизлик жуда кўп муаммоларга замин яратади — жиноятчилик ошади, оилаларда нотинчлик пайдо бўлади, болаларнинг тарбияси бузилади. Дунёнинг хоҳ ривожланган, хоҳ ривожланаётган бирор давлати йўқки, ишсизлик муаммоси бўлмаса. Ўзбекистонда расмий маълумотларга кўра 1,3 миллиондан ортиқ фуқаро ишсиз ҳисобланади.
Аҳоли сонининг тўхтовсиз ўсиб бориши, технология ривожланиб янги касблар пайдо бўлиши ва бу жараёнда мутахассис етиштириб бериш каби масалалар ишсизликни янада долзарб муаммога айлантириши мумкин.
Буни ҳал қилишнинг йўли – янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ёшлар ўртасида ривожлантириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш.
Давлат бу борада яхлит тизим яратди – энди ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашилади ва шу орқали уларнинг бандлиги таъминланади.
Биз сўз юритаётган тизим – ёшлар тадбиркорлигини кредитлашнинг янги тизими деб аталади. Унга кўра, ёшларга ўз бизнесини бошлаш учун:
– жисмоний шахсларга: 7 йил муддатга (3 йил имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) 33 млн сўмгача;
– юридик шахсларга: 225 млн сўмгача микрокредитлар бериш бошланди.
Бунга Президентнинг ПФ-4862 ва ПФ-6260-сон Фармони, Ҳукуматнинг 388-сон қарори билан ҳуқуқий асос яратилган.
Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Микрокредитбанк ва Миллий банкнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси (oilakredit.uz) ишга туширилиб, кредит олишнинг онлайн тизими яратилди.
Натижада 2023 йил ўтган 9 ой давомида 121 минг 547 нафар ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун 2 трлн 438 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Мисол учун: Тошкент вилояти, Тошкент туманида яшовчи Абророва Хадича Дилмурод қизига ўз яшаш ҳонадонида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиши учун 33 млн сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бугунги кунда 50 ўринли “SORA KIDS” номли оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйди.
Тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда уларнинг инновацион, стартап ва бизнес лойиҳаларини молиялаштириш тизими яратилди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 21 декабрда 765-сонли қарор чиқарган.
Мазкур йўналиш бўйича ўқув дастурлари тайёрланиб, бугунги кунга қадар 91 нафар ёшларнинг 44,3 млрд сўм қийматдаги истиқболли лойиҳалари молиялаштирилди.
Шунингдек, ўтган давр мобайнида 95 минг нафар ёшлар доимий иш ўринларига жойлаштирилди.
Мисол учун: Самарқанд вилояти, Нуробод тумани “Сазаған” маҳалласида яшовчи Каримов Фурқат Хўжақулович ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ушбу лойиҳа доирасида 300 млн сўм имтиёзли кредит маблағи олиб мебел ишлаб чиқариш (“Хумоюншох сифат мебел” МЧЖ) фаолиятини йўлга қўйган. Бугунги кунда 8 нафар маҳалла ёшларини доимий бандлигини таъминлаш билан бир қаторда ойлик айланма маблағ ҳажмини 100 млн сўмга етказган.
Ёшларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўргатишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тартиби – “Келажак касблари” лойиҳаси жорий этилди. Ушбу лойиҳа доирасида 2023 йил давомида 3 минг 251 нафар ёшларнинг ўқиш харажатларининг 8,7 млрд. сўм миқдорида маблағлари қоплаб берилди.
“Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканлари орқали 43 минг 554 нафар ёшлар бир қатор касб-ҳунарларга ўқитилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш борасида Таълим муассасалари ўқувчи-талабаларини касб-ҳунарга йўналтириш, уларга келажакда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни ўргатишга қаратилган “SkillsCamp” лойиҳаси амалга оширилиб, ушбу лойиҳа доирасида 1 000 нафар IT, киберхавфсизлик, сунъий интеллект, медиа, пиар, СММ, туризм, брендинг, хорижий тиллар, бизнес, стартап, таълим, педагогика, халқаро ҳуқуқ ва муносабатлар, молия, иқтисод, архитектура ва ландшафт соҳаларига қизиққан ёшлар қамраб олинди.
Бундан ташқари, ёшларни касб-ҳунар ўрганишга қизиқтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида илк маротаба тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик ва ҳунармандчилик йўналишларида 4 босқичда “Касблар танлови” ташкил этилди.
Танловда иштирок этиш мақсадида “Beshtashabbus.uz” электрон платформаси орқали Республика бўйича жами 732 120 нафар ёшлар (шундан, 409 459 нафари аёллар) рўйхатдан ўтиб, лойиҳада қатнашиш истагини билдирди.
Танловда иштирок этган 4 минг 160 нафар ёшларни рағбатлантириш учун жами 9 млрд. 160 млн. сўм миқдорида маблағлар ажратилиб, тегишли соҳа бўйича асбоб-ускуналар билан тақдирланди.
Танлов ғолиблари ўз фаолиятларини йўлга қўйиши учун 1-ўрин 100 млн сўм, 2-ўрин 75 млн сўм, 3-ўрин 50 млн сўм миқдорида пул мукофотлари билан тақдирланди.
Мисол учун: Танловнинг “тикувчилик” йўналишида 1-ўринни қўлга қиритган қашқадарёлик Шоқулов Жавоҳир Жуманазар ўғли ушбу маблағлар эвазига 5 та тўғри чокли тикув машинаси, 2 та оверлог машинаси, 2 та махсус дазмол ҳамда 2 та иш столи ва стуллар сотиб олиб ўз фаолиятини кенгайтирган. Натижада бугунги кунда 6 нафар ёшни доимий бандлигини таъминлаш билан бир қаторда 12 нафар маҳалла ёшларига ўз касбининг сир асрорларини ўргатмоқда.
Жойларда ишсиз ёшларнинг даромад манбаини яратиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида захирага қайтарилган ер майдонларини деҳқон хўжалиги ташкил этган ҳолда сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш каби лойиҳаларни амалга ошириш учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага бериш тизими жорий этилди.
2023 йилнинг 9 ойи давомида ушбу тизим орқали 79 минг 594 нафар ёшларга 29 минг 534 гектар ер майдонлари очиқ электрон танлов орқали 30 йилга ижарага берилди.
Мисол учун: Хоразм вилояти, Янгибозор тумани Шоирлар маҳалласида яшовчи Юлдашев Оғабек Отабек ўғли “Ёшлар дафтари”га киритилиб, “Е-Auksion” орқали 30 сотих ер майдони ажратилган. Бугунги кунда ушбу ер майдонига “помидор” полиз маҳсулотини экиб 3,5 тонна ҳосил олишга, 14 млн сўм даромад қилишга эришди.
Бундан ташқари, тарғибот ва тушунтиришлар орқали норасмий секторда банд бўлган 501 минг нафар ижтимоий, саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзини-ўзи банд қилишга эришилди.
____________________
Хулоса:
Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мамлакат учун нима беради? Қуйида бир неча сабабларга эътиборингиз қаратилади:
Биринчидан, ёш тадбиркорлар янги иш ўринларини яратиш орқали ишсизликни камайтириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Улар иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга, сармоя жалб этишга ҳам ҳисса қўшади.
Иккинчидан, ёш тадбиркорлар одатда бозорга янги ғоялар ва инновацион маҳсулотлар ёки хизматлар билан кириб келадилар. Бу мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Учинчидан, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, кредит ва молиявий кўмакдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, лицензиялаш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, таълим ва маслаҳат дастурларини тақдим этишни ўз ичига олади.