Аввалроқ 2026 йил 1 январдан бошлаб Америка Қўшма Штатлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига 30 кунгача визасиз кириш тартиби жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик.
Бу 2025 йил 3 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 203-сонли Фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда. Мазкур Фармон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди.
Янги тартиб икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ишбилармонлик, илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Визасиз режим АҚШ фуқароларига Ўзбекистон бўйлаб эркин саёҳат қилиш, мамлакатнинг бой тарихий мероси, инвестиция ва туризм имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Шунингдек, визалар бўйича эркинлик сиёсати АҚШдан келувчи сайёҳлар оқимини оширади, бизнес алоқаларни кучайтиради ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги очиқ ва меҳмондўст мамлакат сифатидаги ижобий имиджини янада мустаҳкамлайди