Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Мактобгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи ҳамда тумандаги 35-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори ўртасида содир бўлган кўнгилсиз ҳолат акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат вилоят Мактобгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, қонунда белгиланган тартибда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳолат, яъни бўлим бошлиғи С.М. ҳамда мактабгача таълим ташкилоти директори Х.А. ўртасидаги жанжалли вазият жорий йилнинг июль ойида содир бўлган. Маълум бўлишича, Х.А. иш фаолияти давомида турли қонун бузилишларига йўл қўйган. Бўлим бошлиғи С.А. томонидан оғоҳлантиришлар берилганида камчиликларни тан олмай, жанжалли вазиятни келтириб чиқарган.
Ҳолат вилоят Мактобгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари томонидан атрофлича ўрганилиб, қонунда белгиланган тартибда таъсир чоралари кўрилди. Жумладан, мактобгача таълим муассасаси директори Х.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.