Япония бош вазири Санаэ Такаити Россияда жосуслик фаолияти олиб борилаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Бу баёнот Сахалинда япон журналисти Имаи Юки ҳибсга олинганидан кейин янгради.
The Japan Times нашрининг хабар беришича, «Хоккайдо Симбун» газетаси мухбири Имаи Юки 13 октябрь куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан Южно-Сахалинск шаҳрида қўлга олинган. Россия махсус хизмати уни разведка маълумотларини тўплашда гумон қилмоқда.
«Бундай ҳолат бўлмаган. Ҳозир япон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш жуда муҳим ва биз барча саъй-ҳаракатларимизни шу мақсадга йўналтирамиз», — деди Такаити.
Унинг таъкидлашича, Токио журналистга нисбатан қўйилган айбловлар ҳақида ҳозирча тўлиқ маълумотга эга эмас, бироқ ўз позициясини қатъий ҳимоя қилиш ниятида.
Япония ҳукумати матбуот котиби Минору Кихаранинг маълум қилишича, япон дипломатлари ҳозиргача ҳибсга олинган журналист билан боғлана олмаган. Ҳукумат у билан имкони борича тезроқ учрашув ташкил этиш устида ишламоқда. Ҳодисадан сўнг Япония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Токиодаги элчиси Николай Ноздревни чақиртирган.
ФСБ маълумотларига кўра, Имаи Юки Япония разведкасининг топшириғи билан Украинага қарши урушда иштирок этаётган Курил ороллари аҳолиси орасидан сафарбар қилинганлар ва кўнгиллилар сони ҳақида маълумот тўплаганликда гумон қилинмоқда.
Бироқ Россия махсус хизматининг ушбу айбловлари мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Журналист ўз материалларида Россиянинг Узоқ Шарқ минтақасидаги ҳаёт, Россия–Япония муносабатлари ва Москва ҳамда Пхеньян ўртасидаги ҳамкорликни ёритиб келган.