Япония Мудофаа вазирлиги 2027 молия йили учун мудофаа эҳтиёжларига қарийб 56 миллиард доллар ажратишни сўради.
Bloomberg маълумотига кўра, вазирлик қарийб 8,9 триллион иенлик бюджет сўровини тақдим этган. Бу жорий йил кўрсаткичидан 0,9 фоизга кўп.
Шу билан бирга, якуний мудофаа харажатлари бундан сезиларли даражада юқори бўлиши мумкин. Чунки Япония бош вазири Санаэ Такаити жорий йилнинг кейинги қисмида мамлакат ҳарбий салоҳиятини янада оширишга қаратилган янги режани тақдим этишга тайёрланмоқда.
Япония Мудофаа вазирлигининг устувор йўналишлари орасида ҳаво ва денгиз дронларини ўз ичига олган учувчисиз платформаларни ривожлантириш, ҳарбий маълумотларни тўплаш ва қарор қабул қилиш жараёнларига сунъий интеллектни жорий этиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар учун хизмат шароитларини яхшилаш бор.