АҚШ Исроилни Саудия Арабистонига 25 миллиард долларга F-35 қирувчи самолётларини сотиш нияти ҳақида хабардор қилган. Шу муносабат билан Исроил Вашингтондан ҳарбий технологиялар ва қурол-яроғ тизимлари кўринишида “компенсация” талаб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Исроил ОАВга таяниб Walla хабар берди.
Walla манбасига кўра, Исроил армияси Яқин Шарқдаги бошқа давлатлардан ҳеч бири F-35 каби қирувчи самолётларга эга бўлмаслигини истаган. Бундай ҳолат Исроилнинг минтақадаги ҳарбий устунлигини сақлаб қолишига хизмат қилиши мумкин эди.
Шу билан бирга, битим яқин вақт ичида имзоланган тақдирда ҳам Саудия Арабистони илк F-35 самолётини фақат беш йилдан кейин олиши кутилмоқда.
Исроил армияси мамлакат ҳаво кучлари F-35 самолётларига эга бошқа давлатларга нисбатан ҳамон сезиларли устунликка эга эканини таъкидламоқда. Бу устунлик, хусусан, сўнгги уч йил давомида Исроил учувчилари тўплаган катта жанговар тажриба ҳамда Исроилда ишлаб чиқилган қурол тизимларини F-35 — Исроил қуролли кучларидаги “Адир” самолётларига интеграция қилиш имконияти билан боғлиқ.
Бундан ташқари, Исроил F-35 учун илғор технологияларни ишлаб чиқишда фойдаланилган “Адир” синов самолётига эга. АҚШда эса бундай самолёт мавжуд эмаслиги қайд этилган.
Исроил хавфсизлик тизимидаги яна бир манба ҳаво кучларининг устунлиги “нафақат самолётнинг ўзида, балки, аввало, одамларда” эканини таъкидлаган.
Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасидаги эҳтимолий F-35 битими ҳамда Яқин Шарқдаги қуролланиш пойгаси фонида Исроил АҚШ маъмурияти билан келгусидаги қурол харидлари бўйича музокараларни қайта кўриб чиқмоқчи.
Исроил “компенсация” сифатида АҚШ илгари сотишга рухсат бермаган қурол тизимларини харид қилиш имкониятини талаб қилиши мумкин. Шунингдек, мамлакат махфий қурол тизимларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришда иштирок этишни ҳам истамоқда.
Исроил армиясининг эътиборида нафақат замонавий жанговар самолётлар ва янги авлод кам кўринувчан қирувчилар, балки космик қуролларни ишлаб чиқиш, шунингдек, АҚШ билан Hetz-4 ва Hetz-5 ракетага қарши мудофаа тизимлари учун тутиб қолувчи ракеталарни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам бор.
АҚШ ҳозирча Исроилга айрим замонавий қурол турларини сотишга рухсат бермаган. Улар орасида мустаҳкам ерости объектларини йўқ қилиш воситалари, чуқур ерости иншоотларига қарши тизимлар, автоном зарба берувчи қуроллар ва дронлар мавжуд.
Айни пайтда Исроилга учинчи F-15 эскадриляси ҳамда қўшимча F-35 эскадриляларини молиялаштириш қийин бўлмоқда.