Япония Вазирлар маҳкамаси озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга қўлланадиган солиқни вақтинча камайтиришни маъқуллади. Бу ҳақда мамлакат молия вазири Сацуки Катаяма маълум қилди, деб хабар берди Bloomberg.
Маълум қилинишича, ҳукумат солиқ ислоҳоти режасини тасдиқлаган. Унга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликларга қўлланадиган савдо солиғи икки йил муддатга 8 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора мамлакат бюджетига тахминан 5 триллион иена ёки 32,3 миллиард долларга тушади. Солиқ тушумларининг камайишини қандай қоплаш масаласи бўйича якуний қарор йил охирига қадар қолдирилган.
"Энди самарасиз харажатларни кенг миқёсда қисқартиришга киришамиз", — деди Катаяма.
Унинг баёноти вазирликлар томонидан ўтказилган ихтиёрий текширувларда тежаш мумкин бўлган атиги учта дастур аниқлангани ҳақидаги танқидларга жавоб сифатида айтилди.
Мақолада қайд этилишича, Японияда инфляция сўнгги пайтларда ҳукумат чоралари таъсирида нисбатан паст даражада сақланиб келмоқда. Бироқ иенанинг заифлашуви, шунингдек, Яқин Шарқдаги можаро фонида етказиб бериш ва қадоқлаш харажатларининг ошиши сабаб озиқ-овқат нархлари ҳамон юқори бўлиб қолмоқда.