Қора денгизнинг Руминия соҳилларига яқин ҳудудида савдо кемаси ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна уч нафар экипаж аъзосини қидириш ишлари давом этмоқда.
Бу ҳақда 23 октябрь куни Руминиянинг Realitatea Plus телеканали мамлакат Транспорт вазирлиги ва Ҳарбий-денгиз кучлари маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, кема бортида жами 13 нафар экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг 10 нафари Украина, қолган уч нафари эса Озарбайжон фуқаролари ҳисобланади.
Кемадан фавқулодда ёрдам сигнали Москва вақти билан тахминан соат 10:00 да Руминия ҳарбий денгизчиларига келиб тушган.
Шундан сўнг ҳодиса жойида қидирув-қутқарув амалиёти бошланган. Қутқарувчилар сувдан тўққиз нафар тирик қолган экипаж аъзосини олиб чиқишга муваффақ бўлди. Шунингдек, бир кишининг жасади топилган.
Ҳозирда бедарак йўқолган яна уч нафар денгизчини излаш ишлари давом эттирилмоқда.
Кеманинг қандай сабабларга кўра чўкиб кетгани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.