Буюк Британиянинг Денгиз савдо операциялари агентлиги (UKMTO) маълумотларига кўра, душанба куни ҳусийлар Либерия байроғи остида сузаётган ва Греция компанияси бошқарувидаги Eternity C юк кемасига ҳужум қилишган. Улар кемани гранатомётлардан ўққа тутишган, натижада кема жиддий зарар кўрган ва ҳаракатдан тўхтаган. Сешанба куни ҳужум давом этган, чоршанба тонгида эса экипаж аъзоларини қутқариш операцияси бошланган.
Европа Иттифоқининг Қизил денгиздаги ҳарбий-денгиз миссияси экипаж ва кемани қўриқловчилардан 31 нафарини қутқарганини билдирди. Миссия икки киши жароҳатланганини маълум қилди, улардан бири Россия фуқароси бўлиб, у оёғидан айрилган.
Reuters ахборот агентлиги кемалар хавфсизлиги соҳасидаги манбасига таяниб, тўрт киши ҳалок бўлганини хабар қилди. Ҳусийларнинг ўзлари баъзи денгизчиларни “хавфсиз жойга” олиб кетганликларини маълум қилишган. Ҳусийлар, шунингдек, кеманинг чўкиши акс этган видеони эълон қилди.
Қўшма Штатларнинг Ямандаги элчихонаси эса ҳусийларни денгизчиларни ўғирлашда айблаган. Қанча одам ҳусийлар қўлида экани ҳозирча номаълум.
Ҳусийлар кемага ҳужум қилинишига сабаб сифатида унинг Исроилга йўл олганини кўрсатишган. Жорий ҳафта бошида улар яна бир кема Magic Seas'ни ҳам чўктирган эди, аммо унинг экипажи қутқарилганди.