Сўнгги ўн йилликда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг стратегик ёндашувлари асосида мамлакатимиз гидроэнергетикаси янги тараққиёт босқичига кўтарилди. Ҳар бир дарё, сой ва сув оқими бугун янги энергия манбасига айланиб, гидроэнергетик салоҳиятни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Изчил ислоҳотлар, замонавий технологиялар ва йирик инвестиция лойиҳалари натижасида мамлакатимиздаги ГЭСлар сони 36 тадан 106 тага, гидроэнергетика соҳасининг умумий қуввати эса 2,5 ГВтга етказилиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали “яшил” энергетикани ривожлантиришнинг мустаҳкам пойдевори яратилди.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги гидроэнергетика соҳасидаги ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Давлат раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш, кичик ва микро ГЭСлар қурилишини кенгайтириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ халқаро тажрибани ўрганиш ва замонавий технологик ечимларни мамлакатимиз амалиётига татбиқ этиш бўйича изчил ишларни амалга оширмоқда.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Корея Республикасидаги хизмат сафари давомида гидроэнергетика технологияларига ихтисослашган Kumsung Engineering & Construction Co., Ltd. компаниясининг ишлаб чиқариш заводига ташриф буюрди.
Ташриф давомида делегация замонавий гидроагрегатлар ва гидроэнергетика ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда синовдан ўтказиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Айниқса, паст босимли сув оқимларидан самарали фойдаланишга мўлжалланган, кичик ва микро ГЭСларда қўллаш имконини берувчи инновацион гидроагрегатларнинг техник ечимлари ўрганилди.
Корея тажрибасининг муҳим жиҳатларидан бири – ускуналарнинг ишлаб чиқариш жараёнининг ўзидаёқ синовдан ўтказилиши, техник параметрларининг назорат қилиниши ва самарадорлигининг баҳоланиши бўлиб, мазкур ёндашув Ўзбекистонда замонавий гидроэнергетика ускуналарини ишлаб чиқариш ва янада такомиллаштиришда муҳим амалий аҳамиятга эга.
Шунингдек, делегация аъзолари завод яқинидаги Baekjebo ГЭС фаолияти ҳамда ўрнатилган технологик жиҳозлари билан танишдилар. Жанубий Кореянинг Geum River дарёсида жойлашган Baekjebo сув иншооти таркибида кичик гидроэлектр станцияси ҳам фаолият юритади. 2011 йилда фойдаланишга топширилган мазкур гидротехник мажмуада жами 2,64 МВт қувватга эга 4 та гидроагрегат ўрнатилган бўлиб, станция мавжуд сув оқими ва босимидан самарали фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаради.
Маълумот учун: Kumsung E&C Co., LTD. компанияси 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, энергетика соҳаси учун ускуналар, жумладан, кичик ва микро ГЭСлар жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Шунингдек, компания сув таъминоти ва суғориш тизимлари учун затворлар ва кўтаргичлар, металл конструкциялар, кўп поғонали автоматик затворлар, сув таъминоти ва оқова сув тизимлари учун ускуналар, шунингдек, насос станциялари ускуналари, автоматик чиқинди йиғувчи қурилмалар, кранлар ва затворлар учун насослар ҳамда бошқа турдаги махсус жиҳозларни ишлаб чиқаради.