Сўнгги саккиз йилда Хоразмда мебель саноати 3 карра ўсгани таъкидланди. Ўтган йили 311 та корхона қарийб 300 миллиард сўмлик мебель ишлаб чиқарди. Мебелчиликка ихтисослашган 9 та маҳаллада 2 мингдан ортиқ аҳоли банд.
Хонқадаги 10 гектар ерда “Мебелчилик зонаси” ташкил этилди, 5 та маҳалладаги мебелчилар ушбу зонага кўчиб ўтди. Бу ерда устоз-шогирд амалиётини йўлга қўйиш бўйича 3 қаватли ўқув биноси ҳам қурилди.
Мебелчилик мактаби учун хориждан дизайнер, маркетолог, инженер-технолог олиб келиш топширилди.
Мебель корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун четдан ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.
Вилоятда йилига 16 минг янги оила пайдо бўлаяпти, 7 мингдан зиёд хонадон қурилаяпти, яна шунчаси таъмирдан чиқарилаяпти. Шу муносабат билан маҳаллий мебелчиларни янги қурилаётган уй эгалари ва девелоперлар билан боғлайдиган тизим яратилади.