Кеча, 7 август куни тарихий ва навқирон Хива шаҳрида анъанавий халқаро “Қовун сайли” фестивали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Фестивал Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси, Хоразм вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Хоразмнинг анъанавий, ўзига хос бойлиги — ҳудуднинг турли қисмларидан турли навдаги қовунлар намойиш этилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Хоразм ҳокими Жўрабек Раҳимов Хоразм вилоятида туристлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, бунда “Қовун сайли” каби фестивалларнинг аҳамияти муҳим эканлигини айтиб ўтди.
Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккулов эса Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими ошаётганлигига эътибор қаратиб, Хоразм тарихий обидалари, анъаналари, маданий бойлиги ва бошқа жиҳатлари билан азалдан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қилаётганини таъкидлади.
Очилиш маросими қовуннинг минг дардга шифо эканлиги ҳақидаги кўргазмали чиқишлар ва кўнгилочар маданий дастур билан давом этди. Куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Маълумот учун, фестиваль доирасида “Ичан қалъа”да бир-биридан чиройли безатилган павильонларда деҳқонлар томонидан етиштирилган полиз экинлари ва улардан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмалари ҳам намойиш этилмоқда. Ҳар бир павильонда ўзига хос маданий дастурлар, театрлаштирилган саҳналар, миллий либослар намойиши, фольклор ансамбллари концертлари, миллий таомлар кўргазмалари ҳам ташкил этилган.
Уч кун давом этадиган мазкур фестивалга бир ярим миллиондан ортиқ меҳмонлар ташриф буюриши кутилмоқда.