Муҳокама жараёнида лойиҳа юзасидан 130 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси якунланди.
Мазкур лойиҳа сўнгги йилларда муҳокамага қўйилган ҳужжатлар орасида энг катта қизиқиш уйғотганлардан бири бўлиб, қарийб 16 минг маротаба кўрилган. Муҳокама жараёнида лойиҳа юзасидан 130 та таклиф ва мулоҳаза келиб тушган.
Қарор лойиҳаси соҳага оид амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда мавжуд тизимнинг самарадорлигини баҳолаш асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади Солиқ кодексида белгиланган мажбурийлик ва адолатлилик тамойилларини тўлиқ таъминлашдан иборат.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда томонидан солиқ декларацияси тақдим этилиб, уларга жами 1,1 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу ўртача бир ижрочига йилига 544,5 минг сўмни ташкил этади. 2025 йилда эса 305 нафар хонанда декларация топшириб, уларга 154 миллион сўм солиқ ҳисобланган бўлиб, ўртача кўрсаткич 505,6 минг сўмни ташкил қилган.
Мазкур ҳолат соҳада солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, шаффоф ва ягона рақамли ҳисоб тизимини жорий этиш заруратини кўрсатмоқда.
Қарор лойиҳаси манфаатдор вазирлик ва идоралар — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси билан келишилган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Адлия вазирлиги муҳокамада фаол қатнашган фуқароларга миннатдорлик билдириб, билдирилган барча таклиф ва мулоҳазалар чуқур ўрганилиб, лойиҳа такомиллаштирилган ҳолда юқори турувчи идораларга киритилишини маълум қилди.