Эрон ҳукумати мамлакат марҳум олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий учун улкан дафн маросимини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда 29 май куни Эрон давлат оммавий ахборот воситалари хабар берди. АҚШ ва Исроил билан бўлган уруш сабабли маросим узоқ вақтга қолдирилган эди.
Теҳрон Исломий тарғиботни мувофиқлаштириш кенгаши раҳбари Муҳсин Маҳмудийнинг сўзларига кўра, маросим вақти ҳозирча аниқ эмас. Аммо дафн маросимини ташкил этиш учун махсус штаб тузилган. Ҳозирда турли идоралар ушбу тадбир режасини тузиб, зарур чораларни кўрмоқда.
Эронни ўттиз йилдан ортиқ бошқарган Оятуллоҳ Али Хоманаий 2026 йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг илк ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган эди. Ушбу ҳужум ортидан минтақада уруш бошланиб кетди.
Апрель ойида Оятуллоҳ Али Хоманаий хотирасига бағишланган тадбир ўтказилганди. Бироқ уруш туфайли аввалроқ эълон қилинган давлат даражасидаги дафн маросимини ташкил этишнинг имкони бўлмади.
Давлат телевидениесининг хабар беришича, барча ташкилотлар маросимни юқори савияда ўтказиш учун шароит тайёрламоқда. Дафн маросимининг аниқ санаси расман эълон қилингач, унда жуда кўп сонли одам қатнашиши кутилмоқда.