Хитойга XXI аср бошида Ғарб мамлакатлари бошидан кечирган "хитойча шок" таҳдид солмоқда. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
"Ғарб давлатлари XXI аср бошида Хитой фабрикалари жаҳон ишлаб чиқариш марказига айланган пайтда кучли иқтисодий зарбага дуч келган эди. Энди худди шундай вазият Хитойнинг ўзига таҳдид солмоқда", деб ёзмоқда нашр.
Таҳлилчиларга кўра, Хитойда меҳнат ресурслари энди аввалгидек арзон эмас, ишлаб чиқариш бошқа Осиё давлатларига кўчмоқда. Шу билан бирга, автоматизация жараёни миллионлаб иш ўринларига хавф туғдирмоқда.
Ғарб давлатлари бундай инқирозни истеъмол иқтисодиёти ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ҳисобига енгиб ўтган. Аммо Хитой раиси Си Жинпин "янги ва сифатли ишлаб чиқариш қувватлари" иқтисодий ўсиш моделининг асоси бўлиб қолишини маълум қилди.
Шу билан бирга, иқтисодчилар юқори технологияли соҳалардаги ишлаб чиқариш кўп одамни иш билан таъминлай олмаслигини таъкидламоқда.