Бугун 9 август, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Хитойга кириш ва чиқиш қоидалари кучайтирилди

Хитойга кириш ва чиқиш қоидалари кучайтирилди

Хитой 15 сентябрдан фуқаролар учун мамлакатдан чиқиш, хорижликлар учун эса кириш тартибига янги қоидаларни жорий этади. Айрим ҳолларда виза ёки кириш рухсатномасини олиш қийинлашади.

31 июль куни қабул қилинган ушбу 19 моддадан иборат низом хорижга парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, мамлакатдан чиқиш ва кириш бўйича аризаларга қўйиладиган талабларни аниқлаштириш ҳамда воситачилик хизматларини тартибга солишни назарда тутади.

Хитой фуқаролари мамлакатни тарк этиш учун топширадиган аризада сафар сабабини қонуний ва аниқ кўрсатиши, шунингдек, текширув жараёнида ҳамкорлик қилиши шарт. Таклифнома юборган ташкилот ёки шахс тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлади. Агар ёлғон ҳужжатлар ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилса, иммиграция органлари сафар ҳужжатларини беришни рад этиши ёки мамлакатдан чиқишни тақиқлаши мумкин.

Хитой визаси, мамлакатга кириш, қолиш ёки яшаш рухсатномасини олиш учун ариза топшираётган хорижликлар ҳам фақат тўғри ва ишончли маълумот тақдим этиши шарт. Ёлғон маълумот берган, чегара тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортилган ёки ҳужжатларни қалбакилаштиргани учун маъмурий жазога тортилган шахсларга Хитойга кириш рад этилиши мумкин.

Шунингдек, иммиграция, виза органлари ёки Хитой қонунчилигига мувофиқ чеклов қўлланган чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши ҳам чекланади.

Янги қоидалар мамлакатдан чиқиш ва кириш бўйича воситачилик хизматларини кўрсатувчи агентликлар фаолиятини ҳам тартибга солади.

Пулли маслаҳат бериш, ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатиш ва бошқа процессуал хизматлар билан шуғулланувчи агентликлар ташкил этилганидан кейин 15 кун ичида маҳаллий иммиграция идорасида рўйхатдан ўтиши шарт. Фаолият юритаётган агентликлар эса низом кучга кирганидан сўнг 90 кун ичида рўйхатдан ўтишни якунлаши лозим.

Киритилди: 14:42 06.08.2026. Ўқилди: 1459 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!