Хитой Халқ Республикаси Толибон ҳукуматидан Тожикистон-Афғонистон чегарасида ўз фуқароларининг ўлимига олиб келган қуролли ҳужумлар юзасидан тўлиқ ва шаффоф тергов ўтказишни расмий равишда талаб қилди. Бу ҳақда 10 декабрь куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган йиғилишида Хитойнинг БМТдаги элчиси Фу Кунг маълум қилди.
Маълум қилинишича, ноябрь ойининг охири — декабрь бошида Тожикистоннинг чегара ҳудудларида Афғонистон томонидан кириб келган қуролли шахслар томонидан икки маротаба ҳужум содир этилган. Ҳужумлар оқибатида қурилиш майдончаларида ишлаётган жами беш нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган, яна беш нафари яраланган.
Фу Кунг ўз нутқида Хитой фуқароларининг ўлдирилишини кескин қоралаб, буни минтақавий хавфсизлик учун жиддий таҳдид деб баҳолади. У Тожикистон ва Толибонни чегара хавфсизлигини кучайтиришга, бундай ҳужумларни олдини олиш учун қўшимча чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, Пекин минтақа давлатлари билан барқарорликни таъминлаш борасида ҳамкорликка тайёрлигини қайд этди.