Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Россия урушни тўхтатиш учун НАТО ва Ғарб давлатларига янги шартлар қўйди

Россия урушни тўхтатиш учун НАТО ва Ғарб давлатларига янги шартлар қўйди

Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокараларда Россия Европа хавфсизлик тизимини жиддий ўзгартиришга қаратилган шартларни илгари сурган. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, Москва ўт очишни тўхтатиш масаласини кўриб чиқиш эвазига НАТОдан Шарқий Европа ва Болтиқбўйи давлатларидаги ҳарбий кучларини олиб чиқишни талаб қилмоқда.

Россия томонининг яна бир шарти Финляндиянинг НАТО аъзолигидан чиқиши билан боғлиқ. Шунингдек, Буюк Британия ўз ядровий салоҳиятидан Европадаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун фойдаланмаслиги кераклиги айтилган.

Украина масаласида ҳам Москва ўз позициясини сақлаб қолмоқда. Хусусан, Киевга Ғарб қурол-яроғлари етказиб берилишини тўхтатиш, мамлакатнинг НАТОга аъзо бўлишидан воз кечиши ва Украина ҳудудига хорижий қўшинлар жойлаштирилмаслиги талаб қилинмоқда.

Нашрга кўра, Россия ушбу шартлар бажарилган тақдирдагина ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни муҳокама қилишга тайёр.

Бироқ Европа давлатлари Москванинг талабларига эътироз билдирмоқда. Жумладан, Финляндия ўзининг НАТОдаги аъзолиги музокара мавзуси бўла олмаслигини маълум қилди.

Ҳозирча Россия илгари сурган шартлар юзасидан томонлар ўртасида келишувга эришилмаган.

Киритилди: 15:41 15.11.2026. Ўқилди: 995 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар