Уруш Эрон ядровий дастури атрофидаги муаммони ҳал эта олмайди ва АҚШнинг Эрон ядровий иншоотларини бомбалаши ядровий фалокатга таҳдид солади.
Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И маълум қилди.
"АҚШнинг Эрон суверен давлатининг ядровий объектларини шафқатсизларча бомбардимон қилиши ядровий фалокатга олиб келиши мумкин, бунинг учун бутун дунё товон тўлайди", деди у Парижда Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро билан қўшма матбуот анжуманида. Ван И таъкидлаганидек, уруш "Эрон муаммосини ҳал қилишга қодир эмас".
Ван И Теҳрон ядро қуролини яратмаслигига ишонч билдирди. У, шунингдек, Хитой Эроннинг атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини ҳурмат қилишини тасдиқлади. "Куч ҳақиқий тинчлик келтирмайди ва Пандоранинг қутисини очиши мумкин", деб қўшимча қилди у.