Бугун 29 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Хитой Россия нефти учун курашда Ҳиндистонни сиқиб чиқармоқда

Хитой Россия нефти учун курашда Ҳиндистонни сиқиб чиқармоқда

Ҳиндистон нефтьни қайта ишлаш компаниялари октябрь ва ноябрь ойларида Россиядан олинадиган нефть ҳажми яна камайишидан хавотирда. Reuters агентлиги нефт бозоридаги тўртта манбага таяниб хабар беришича, бунга Россия экспорти қисқариши ва Хитой томонидан талаб ортиши сабаб бўлмоқда.

Ҳиндистон 2022 йилдан бери денгиз орқали етказиб бериладиган Россиянинг Urals нефтининг энг йирик харидори бўлиб келган. Аммо сўнгги ойларда Хитой Россия нефтини кўпроқ сотиб ола бошлади. Бунга Яқин Шарқдан етказиб беришлар қисқариши ва минтақадаги можаролар сабаб бўлган.

Манбаларга кўра, Хитой харидорлари нефть партияларини олдиндан банд қилишга ва Ҳиндистон НПЗларига нисбатан юқорироқ нарх таклиф қилишга тайёр.

Kpler ҳисоб-китобларига кўра, сентябрь ойида Россиядан Ҳиндистонга нефть етказиб бериш ҳажми суткасига тахминан 1,75 миллион баррелга тушиши мумкин. Бу апрель ойидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич бўлади. Августда эса етказиб беришлар июль ойига нисбатан 16,5 фоизга камайиб, суткасига қарийб 2,1 миллион баррелни ташкил этган.

Россия ҳали ҳам Ҳиндистоннинг энг йирик нефть етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда. Бироқ Россия экспортининг умумий ҳажми ҳам қисқарган. Хусусан, Новороссийск портида дронлар ҳужумларидан кейин юклаш ишлари бир неча бор тўхтатилган ва экспорт ҳажми қарийб икки баравар камайган.

Россия нефти танқислиги туфайли Ҳиндистон НПЗлари қимматроқ муқобил манбаларга мурожаат қилмоқда. Улар БААнинг Murban, Ироқнинг Basrah нефти ва Анголадан хомашё харид қилмоқда.

Айни пайтда Россия нефтининг Хитойга етказиб берилишига Шимолий денгиз йўлидаги мавсумий навигация ҳам ёрдам бермоқда. Ҳиндистонга олиб борувчи Қизил денгиз йўналишида эса Яман ҳусийлари иштирокидаги можаро сабаб хавфлар юқори бўлиб қолмоқда.

Киритилди: 22:00 28.09.2026. Ўқилди: 547 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!