Бугун Андижонда экология ва атроф-муҳитни яхшилаш, ҳаво ифлосланиши олдини олиш борасида бажарилаётган ишлар юзасидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда тегишли ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва мустақил журналистлар иштирок этди.
Анжуманда вилоят раҳбари иқлим ўзгариши ва ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар бутун дунё учун жиддий хавф эканини қайд этди. Таҳлилларга кўра, экологиянинг бузилишига 40 фоиз ҳолатда табиий омиллар, 60 фоиз ҳолатда эса инсон фаолияти сабаб бўлаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, вилоятда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида саноат корхоналарида мониторинг станциялари ўрнатилиши, 15 кунлик экология тадбирлари эълон қилингани ва ишчи гуруҳлар куну-тун фаолият юритаётгани маълум қилинди. Ҳозирга қадар атроф муҳитга зарар етказаётган 85 та корхона фаолияти тўхтатилгани, ижтимоий соҳа объектларида кўмирдан фойдаланиш қисқартирилгани, саноат корхоналарида фильтр ўрнатиш мажбурийлиги, қурилиш майдонларида чангни камайтириш, ариқларни тозалаш ҳамда чиқинди ва хазон ёқилишининг олдини олиш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилгани таъкидланди.
Тадбирда экологияни яхшилашда, маълумотларни кенг оммага етказишда жамоатчилик ва ОАВ роли муҳим экани айтилди. Шу муносабат билан фаол журналист ва блогерлар учун танлов эълон қилиниб, 10 нафар ғолиб ҳокимлик совғаси, биринчи ўрин соҳиби эса қимматбаҳо соврин билан тақдирланиши маълум қилинди.
Анжуман якунида вилоят раҳбари ОАВ ходимлари ва мустақил журналистларнинг таклифларини тинглади, экология соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан уларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб берди.