Жорий йилнинг 6 март куни Туркия ҳудудида ўлдирилган ва маълум вақт давомида қидирувда бўлган, асли самарқандлик 46 ёшли Дилафруз Чуллиеванинг жасади Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди.
Маълум қилинишича, Дилафруз Чуллиева 2026 йил 25 январ куни Туркиянинг Баликесир ҳудудидаги иш жойидан номаълум томонга чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Шу муносабат билан унинг ўғли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали мурожаат йўллаган.
Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилди ҳамда Туркия Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда қидирув ишлари йўлга қўйилди.
Анқарадаги Элчихона ва Истанбулдаги Бош консулхона, диаспора ташкилотлари, адвокатлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан қидирув ишлари олиб борилди.
2026 йил 28 феврал куни Баликесир туманидаги ўрмон ҳудудидан шахси номаълум жасад топилди.
Жасад узоқ вақт давомида қолиб кетганлиги сабабли ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган. Шу боис топилган жасад ва марҳуманинг ўғлидан қон намуналарини олиш орқали тиббий солиштирув (DNA) текширувлари ўтказилди ва жасад Дилафруз Чуллиевага тегишли экани тасдиқланди.
Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.