YouTube видеохостингида «Сирожиддин Медиа» номи билан фаолият юритувчи блогер Сирожиддин Одилов ҳибсга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Вилоят ИИБ ахборотига кўра, блогернинг устидан Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида яшовчи 65 ёшли фуқаро ариза билан мурожаат қилган.
“У 2024 йил августида Тошкент шаҳрида яшовчи Сирожиддин Одиловга, бошқа шахс билан ўрталаридаги молиявий масалани ҳал қилиб беришини сўраб мурожаат қилган вақтида, Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, жабрланувчидан ишини унинг фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига маълум миқдорда пулни олгани ва ҳозирги кунга қадар ваъдасини бажармасдан, алдаб келгани боис қонуний чора кўришни сўраган”, дейилади расмий ахборотда.
Ҳолат юзасидан Сирожиддин Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган, блогерга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Сирожиддин Одилов тармоқларда “Сирожиддин Медиа” номи билан танилган бўлиб, унинг YouTube’даги саҳифасида салкам 1 млн, Facebook’да 50 мингга яқин, Instagram’да 30 мингдан зиёд обуначиси бор. У асосан ҳуқуқий-ижтимоий мавзуларда чиқишлар қилиб келган.