Бугун 8 октябрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Вилоят ҳокими шахмат федерациясига раҳбар бўлди

Вилоят ҳокими шахмат федерациясига раҳбар бўлди

Самарқанд вилояти шахмат федерациясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Дастлаб жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

– Бугунги кунда вилоятда уч минг нафардан зиёд спортчи шахмат билан шуғулланади ва уларга 110 нафар тренер бириктирилган, – дейди вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Жамшид Акобиров. –Ўзбекистон шахмат терма жамоасининг асосий таркибига вилоятимиздан 8 нафар, захира таркибига 3 нафар спортчи қабул қилинган. Жорий йилда вилоятимизда иккита халқаро даражадаги мусобақа, тўртта вилоят чемпионати, иккита вилоят кубоги мусобақалари ташкил этилди. Спортчиларимиз республика мусобақаларида 2 та олтин, 4 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган бўлса, Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида бўлган самарқандлик Жаҳонгир Воҳидов жамоавий баҳсда бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, олимпиаданинг қизлар баҳсида вилоятимиз спортчилари Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликова муносиб иштирок этди.

Шундан сўнг вилоят шахмат федерациясининг янги раҳбарияти сайланди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов федерация раислигига, халқаро тоифадаги гроссмейстер Тоҳир Воҳидов, ёшлар ишлар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Сарвар Бобоев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов раис ўринбосарлигига маъқулланди.

Йиғилишда 2026 йил Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш, вилоятда шахматни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Тадбир якунида Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида бронза медалини қўлга киритган ва фаол иштирок этган шахматчилар – Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Маржона Маликовага вилоят ҳокимининг ташаккурномаси топширилди.

Киритилди: Бугун 09:51. Ўқилди: 298 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!