Венгрия ҳукумати парламентга Гаагадаги Халқаро жиноий суддан (ХЖС) чиқиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто маълум қилиб, сўнгги йилларда ушбу юридик институт сиёсий воситага айланганини таъкидлади.
"Биз, венгерлар, сиёсий сабабларга кўра суд тизимининг бир қисми бўлишни истамаймиз. Шу боис ҳукумат Рим статутини денонсация қилиш ва Венгриянинг Халқаро жиноий суд таркибидан чиқишини бошлашга қарор қилди", — деди ташқи ишлар вазири ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида видеомурожаатида.
Унинг фикрича, парламент тегишли ҳукумат қонун лойиҳасини май ойида овоз бериш учун апрель охиригача кўриб чиқиши мумкин.