Қашқадарё вилояти Муборак туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 2 нафар профилактика инспектори вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса 6 апрель куни содир бўлган. Ҳайдовчиси ухлаб қолган Nexia машинаси қарама-қарши йўналишда келаётган машина билан тўқнашган.
Оқибатда ўз йўналишида келаётган машинада бўлган ИИБ профилактика инспекторларининг бири воқеа жойида, бири эса шифохонада вафот этган. Яна бир нафар ходим эса тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Муборак тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида суднинг 7 апрелдаги ажримига кўра, 1 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.