Бугун 22 сентябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Вазирлик Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берганми?

Вазирлик Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берганми?

Ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига Ҳиндистон ҳамда Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик бўйича оғзаки кўрсатма берилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Қайд этилишича, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб хорижлик абитуриентларни Ўзбекистон олий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёни “Study in Uzbekistan” ягона электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.

Платформа орқали хорижлик абитуриентлар Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотлари, таълим дастурлари, қабул шартлари ва тўлов миқдорлари ҳақида маълумот олиши, ҳужжатларни электрон шаклда топшириши ва аризасининг ҳолатини кузатиши мумкин.

Вазирликка кўра, янги тизимнинг асосий мақсади хорижлик абитуриентлар учун қабул жараёнини янада очиқ ва шаффоф қилиш, уларни турли воситачиларга боғлиқ ҳолатдан чиқариш ҳамда олий таълим ташкилотлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини яратишдан иборат. Платформада рўйхатдан ўтиш бепул бўлиб, абитуриент танлаган олий таълим ташкилотига бевосита ариза топшириши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон хорижий талабалар оқимини чеклашдан эмас, аксинча, кенгайтиришдан манфаатдор экани таъкидланган. Бунда хорижий талабалар географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонни таълим олиш учун жозибадор мамлакат сифатида хорижда тарғиб қилиш ва таълим экспортини барқарор ривожлантириш мақсад қилинган.

Хорижий талабаларни қабул қилиш ҳажми эса ҳар бир олий таълим ташкилоти томонидан унинг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда ўқув аудиториялари, ўқув-лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма имкониятлари ҳисобга олинади.

Вазирлик хорижлик абитуриентларга Ўзбекистонда таълим олиш учун расмий “Study in Uzbekistan” платформасидан фойдаланиш, қабул шартлари бўйича маълумотларни бевосита танланган олий таълим ташкилотидан олиш ҳамда турли воситачиларга асоссиз тўловларни амалга оширмасликни тавсия қилган.

Қабул жараёнида муаммога дуч келган хорижлик абитуриентлар бу ҳақда платформадаги расмий мурожаат каналлари орқали хабар бериши мумкин.

Киритилди: 22:25 21.09.2026. Ўқилди: 439 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!