Бугун 30 октябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

V «Zakovat-Gambit» turniri ғолиблари 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун курашмоқда

V «Zakovat-Gambit» turniri ғолиблари 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун курашмоқда

Пойтахтимизда рекорд даражадаги 5831 нафар шахматчини ўзида жамлаган V «Zakovat-Gambit» турнирининг ҳал қилувчи финал ўйинларига старт берилди.

Бу йилги мусобақа янада кенг қамровли бўлиши ва барча шахматсеварларга имконият бериш учун илк бор икки хил саралаш тизими жорий этилди: аввал республиканинг барча 14 ҳудудида юзма-юз баҳслар, сўнгра эса онлайн платформада қўшимча саралаш ўйинлари ташкил қилинди.

«Zakovat arena» биносида ўтаётган финал баҳсларида иштирокчилар ўз даражаларига кўра бешта гуруҳга бўлинган ҳолда жами 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун ўзаро дона сурмоқда. Ушбу гуруҳларнинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритганларга 50 миллион, иккинчи ўринга 30 миллион, учинчи ўринга ва аёллар ўртасидаги энг кучли иштирокчига эса 20 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланган.

Шу билан бирга, мусобақанинг энг ёш қатнашчиси бўлган 8 ёшли Мустафо Пўлатов ва энг ёши улуғ иштирокчи — 63 ёшли гроссмейстер Тоир Воҳидовнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан махсус мукофот топширилади. Турнирнинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, унда Жаҳонгир Воҳидов, Афруза Ҳамдамова ва Умида Омонова каби терма жамоамизнинг машҳур аъзолари ҳам иштирок этмоқда.

Нуфузли меҳмонлар сифатида таклиф этилган жаҳон шахмати юлдузлари — гроссмейстерлар Петер Леко ва Хампи Конеру ёш спортчиларимизга қарши сеанс ўйинлари ўтказиб, мамлакатимизда шахмат жуда тез ривожланаётгани ҳамда ёшларнинг кўзидаги иштиёқ уларда кучли таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлашди.

Барча гуруҳлардаги якуний ғолибларни тақдирлаш маросими 30 октябрь куни «Ўзбекфильм» павильонида тантанали равишда ўтказилади.

Киритилди: Бугун 09:53. Ўқилди: 271 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!