Ўзбекистон терма жамоаси ва "Рубин" ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозов миллий жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваронинг фаолиятига юқори баҳо берди.
"Каннаваро инсон сифатида жуда меҳрибон. У футболчиларга майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ёрдам беради. Кўпинча машғулотлардан кейин қолиб, ўйинчилар билан индивидуал ишлайди.
Менга ҳам футбол тарихидаги энг яхши ҳимоячилардан бири сифатида жуда кўп нарса ўргатди. Жамоадошларимдан эшитишимча, у шахсий муаммоларда ҳам ёрдам беришга тайёр", — деди Ўрозов.
Ҳимоячи Каннаваронинг 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин танқид қилинишига ҳам муносабат билдирди.
"Мухлислар кўпроқ нарса кутгани учун танқидлар табиий. Аммо Каннаваро истеъфога лойиқ, деган фикрга қўшилмайман. Ўзбекистон тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиқди. Бунинг ўзи катта ютуқ. Ўйлайманки, кейинги мундиалда яхшироқ иштирок этамиз".
Ўрозов италиялик мутахассис Россия Премьер-лигасида ҳам муваффақият қозона олишига ишонч билдирди.
"Каннаваро кўплаб футболчиларни билади, унинг мураббийлар штаби ҳам кучли. Унинг услуби Россия чемпионатига мос келади.
Албатта, уни "Рубин"да кўришни истардим. Ўйлайманки, Каннаваро жамоамизни чемпион қила олади. Ахир "Рубин" бой тарихга эга клуб", — деди Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси.