Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Ўзбекистонлик сиёсий қочқин қўлга олиш чоғида отиб ташланди

Ўзбекистонлик сиёсий қочқин қўлга олиш чоғида отиб ташланди

Ўзбекистон фуқароси, Россияда сиёсий қочқин мақомида бўлиб келган Наби (Аюб) Раҳимов 11 май куни Қримда, уни қўлга олиш операцияси чоғида отиб ўлдирилди. Бу ҳақда Кун нашри ёзмоқда.

Россия кучишлатар тузилмалари Қримнинг Советский туманидаги Заветное қишлоғида ўзбекистонлик сиёсий маҳбус Наби (Аюб) Раҳимовни қўлга олиш операциясини ўтказди. Операция чоғида гумондор ҳалок қилинган. Бу ҳақда адвокат Ислом Велиляевга таяниб, «Крымская солидарность» нашри хабар бермоқда.

Адвокатга кўра, кучишлатар тузилмалар Раҳимовнинг оиласи яшайдиган уйда тинтув ўтказиб, унинг хотинини миграция бўлимига олиб кетишган. У ерда унга Россияда бўлиш режимини бузиш бўйича баённома расмийлаштирилган.

«Киришди, ойим билан саломлашишди, кейин отам ҳақида сўрай бошлашди. Кейин уйни тинтиб чиқа бошлашди. Улар келганларининг сабабини протокол охирига ёзишди, ўқиб беришди, лекин мен деярли ҳеч нарсани тушунмадим. Баённома нусхасини қолдиришмади. Кимлардир келиб, паспортимизни кўришди ва Советскийга бориш кераклигини айтишди. Негалигини айтишмади. Онамни олиб кетишаётганда мен ҳам бирга боришимни айтдим. Синглим қўрқиб кетди», – дейди Раҳимовнинг 15 ёшли ўғли.

Қайд этилишича, ходимлар Раҳимовни уйдан топа олмагач, Симферопол тумани Дубка қишлоғидаги қурилиши битмаган уй томон йўл олган. Қўшниларга кўра, у ердан ўқ ва портлаш овозлари келган. Воқеа жойига ФХХ, Тергов қўмитаси, ИИВнинг Терроризмга қарши курашиш бошқармаси ва ОМОН машиналари ҳам етиб келган. Кейинроқ гувоҳлар маросим хизматлари автомобилини ҳам кўришган.

ФХХ гумондор қўлга олиш чоғида қуролли қаршилик кўрсатганини маълум қилган. Қрим прокуратураси ҳолат бўйича текширув бошланганини билдирган.

Қрим раҳбари Сергей Аксенов марҳум халқаро террористик ташкилотлар аъзоси сифатида қидирувда бўлганини айтиб, унинг ўлдирилишида иштирок этган кучишлатар ходимларга миннатдорлик билдирган.

Маълумот учун, 2010 йилда МХХ Самарқанд вилоят бошқармаси Наби Раҳимовга нисбатан «Ҳизб ут-Таҳрир»га аъзолик бўйича жиноий иш қўзғаган ва кейинроқ унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Раҳимов 2013 йилда Москвада қўлга олингач, адвокат ёллаб, агар экстрадиция қилинса, Ўзбекистонда уни сиёсийлашган таъқиб ва қийноқлар кутаётгани, Москвада эса ноинсоний шароитларда сақланаётганини айтган. У адвокатлар орқали Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилган, суд унинг аризасини қаноатлантириб, маънавий зарар учун унинг фойдасига Россиядан 17 минг евро компенсация тўланиши лозимлиги ҳақида қарор чиқарган.

«Настоящее время»нинг қайд этишича, 2014 йилда Қрим Россия томонидан эгаллаб олинганидан буён яриморолда мустақил журналистлар, ҳуқуқ фаоллари, қрим-татар миллий ҳаракати вакиллари ва қримлик мусулмонлар «Ҳизб ут-Таҳрир»га алоқадорликда гумонланиб мунтазам равишда тинтув қилиб турилади.

Киритилди: 18:48 15.05.2021. Ўқилди: 9353 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!