Ўзбекистон билан чегараларни аниқлаш натижасида Қирғизистон таркибига ўтган Чўнғара ва Тоштепа қишлоқлари аҳолисига Қирғизистон фуқаролигини расмийлаштириш бошланди.
Маълум қилинишича, 2026 йил охиригача аҳолига янги Қирғизистон паспортлари берилади. Фуқаролик олгач, улар Қирғизистоннинг барча ҳуқуқ ва ижтимоий кафолатларидан фойдаланиши мумкин бўлади. Икки қишлоқда жами 2500 га яқин аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти этник қирғизлар ҳисобланади.
Шунингдек, чегара алмашуви доирасида Сай ва Таян қишлоқлари ўртасида янги автомобиль йўли қурилиши учун 236 гектар ер алмашилган. Янги йўл Ойдаркен–Боткен масофасини 225 кмдан 55 кмгача қисқартириши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари чегарадан ўтгандан кейин 15 кун давомида мажбурий рўйхатдан ўтмасдан қолиши мумкин бўлган тартиб бўйича ҳам келишувга эришган.