2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жиноят ишлари бўйича судлар 78 739 нафар шахсга нисбатан 64 902 та жиноят ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.
Ҳисобот даврида 385 нафар шахс, жумладан, 161 нафар қатағон қурбони оқланиб, реабилитация қилинган. Ярашув институти қўлланилиши натижасида яна 18 844 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Судланганлар сони 57 376 нафарни ташкил этган. Уларнинг 18 026 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 38 737 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 613 нафари шартли ҳукм қилинган.
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани сабабли 6 377 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган. Шунингдек, 13 938 нафар шахсга нисбатан дастлабки терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган ёки қайта малакаланган.
Кўрилган ишлар орасида фирибгарлик, ўғрилик, транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар ва тан жароҳати етказиш ҳолатлари кўп учраган.