Бугун 12 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ўзбекистонда инсон аъзоларини олди-сотди қилиш мумкинми?

Ўзбекистонда инсон аъзоларини олди-сотди қилиш мумкинми?

Қонунчилик ҳужжатларида инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси рухсат берилганми?

Ҳа, рухсат бор лекин бу олди-сотди қилиш мумкин дегани эмас.

Бу борада 2022 йил 15 майда кучга кирган “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун асосида асосли жавоблар бериб ўтамиз.

Мазкур Қонунда реципиент, тирик донор ва трансплантация тушунчаларига таъриф берилган.

Реципиент — ўзига нисбатан инсон аъзосининг ва (ёки) тўқимасининг трансплантацияси бажариладиган инсон;

Тирик донор — ўзидан аъзоларнинг ва (ёки) тўқималарнинг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон;

Трансплантация — реципиентда мавжуд бўлмаган ёхуд шикастланган, ўзининг муҳим ҳаётий вазифаларини бажаришга қодир бўлмаган аъзоларни ва (ёки) тўқималарни тирик донордан ёки инсон мурдасидан олинган аъзоларга ва (ёки) тўқималарга жарроҳлик амалиёти ёки муолажа ўтказиш йўли билан алмаштириш.

Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантациясига реципиентнинг розилиги шартми?

Албатта, розилиги шарт. Инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси реципиентнинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Бунда реципиент бўлажак жарроҳлик амалиёти ёки муолажа муносабати билан ўз соғлиғи учун юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида имзо қўйдирилиб огоҳлантирилиши керак. Ушбу жараён мажбурий тартибда видеоёзувга қайд этилади. Агар реципиент ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлса ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ёхуд реципиентнинг ўзидан розилик олишнинг имкони бўлмаса, инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси унинг ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилининг ёзма розилиги билан амалга оширилади.

Ушбу тартибни бузганлик учун жавобгарлик мавжуд

Жиноят кодексининг 115 прим 1-моддасига кўра инсонни ундан аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация учун олишга розилик беришга мажбурлаш, зўрлик ишлатиб ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар ожиз аҳволда эканлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан ёхуд моддий томондан, хизмат жиҳатидан ёки бошқа жиҳатдан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Инсон аъзоларининг ва тўқималарининг трансплантацияси учун қандай шартлар мавжуд?

Тирик донордан ёки инсон мурдасидан аъзоларни ва (ёки) тўқималарни трансплантация қилиш фақат бошқа жарроҳлик амалиётлари ёки муолажалар реципиент ҳаётини сақлаб қолишни ёхуд унинг соғлиғи тикланишини кафолатлай олмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.

Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини реципиентларга трансплантация қилиш инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг трансплантацияси зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулоса асосида амалга оширилади.

Кимларга нисбатан инсон аъзоларини ва тўқималарини олишга йўл қўйилмайди?

Бу борада ҳам Қонунда аниқ норма белгиланган. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга, агар улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган, трансплантация қилиш учун инсон аъзолари ва тўқималари донорлигига қарши кўрсатма мавжуд бўлган касалликлар рўйхатига кирувчи касаллиги бўлган ёки илгари шундай касалликка чалинган тирик донорга ёки инсон мурдасига тегишли бўлса, йўл қўйилмайди.

Қуйидагиларга нисбатан инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишга йўл қўйилмайди:

– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга (бундан суяк илигини трансплантация қилиш ҳоллари мустасно);

– белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга, шунингдек, руҳий ҳолатнинг бузилишларига (руҳий касалликларга) чалинган шахсларга;

– қамоқда ёки озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга;

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;

– ҳомиладор аёлларга;

– шахси аниқланмаган шахсларга;

– муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларга;

– «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчи шахсларга;

– аъзоси ва (ёки) тўқималари илгари трансплантация учун олинган шахсларга.

Ўзбекистон фуқароси чет давлат фуқароси учун аъзосини ва (ёки) тўқимасини беришга рухсат бериладими?

Йўқ, таъқиқланган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмас.

Трансплантация қилинадиган инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдисига рухсат бериладими?

Йўқ, қонунчиликда чеклов мавжуд. Инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилишда жисмоний ҳамда юридик шахсларга инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси тақиқланади.

Шунингдек, трансплантация қилинадиган инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш тақиқланади.

Ушбу шартларга риоя этмаганлик учун жавобгарлик мавжуд

Жиноят кодексининг 133 прим 2-моддасига асосан инсоннинг трансплантация қилинадиган аъзоларини ва (ёки) тўқималарини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Киритилди: 16:15 29.11.2022. Ўқилди: 2355 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!