Хоразм вилоятида 1979 йил туғилган шахс маҳалладошини жиноий жавобгарликдан қутқариб қолиш мақсадида терговчидан жиноят ишини тугатишини илтимос қилиб, эвазига 25 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, унинг 2004 йил туғилган маҳалладоши 15 апрель куни қарийб 750 г гиёҳвандлик моддаси билан қўлга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Урганч тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган бўлган.
Терговчи пора таклиф қилган гумондорнинг ноқонуний таклифи бўйича раҳбариятга билдирги орқали маълум қилгач хабари тегишли тартибда расмийлаштирилган.
8 май куни терговчига берилган 25 000 ва яна 5000 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. Жиноят кодексининг 211-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.