Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Давлат бошқарувини 2030 йилгача номарказлаштириш стратегияси» лойиҳасида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2030 йилга қадар давлат хизматларининг 20 фоизи ҳамда давлат функцияларининг 10 фоизини хусусий секторга ўтказиш мақсад қилинган.
Лойиҳада қайд этилишича, бу орқали давлат бошқарувида ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш, хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш ва рақобат муҳитини кенгайтириш кўзда тутилган.
Стратегия доирасида қайси хизмат ва функциялар хусусий секторга берилиши алоҳида тартибда белгиланади. Бунда аҳоли ва тадбиркорлар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.
Мазкур таклифлар ҳозирча жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, стратегия Президент фармони билан тасдиқланиши режалаштирилган.