Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров классик шахмат бўйича жаҳон рейтингида тўртинчи поғонага кўтарилди.
15 июнь куни янгиланган рейтингга кўра, 20 ёшли шахматчи 2777,0 рейтинг кўрсаткичига эга бўлиб, дунёдаги энг кучли шахматчилар орасида тўртинчи ўринни эгаллади.
Синдаровдан юқори поғоналарда фақат Магнус Карлсен (2823,2), Фабиано Каруана (2792,0) ва Хикару Накамура (2792,0) жойлашган.
Сўнгги 12 ой ичида ўзбекистонлик гроссмейстер бирданига 67 рейтинг очкосини қўшиб олди. Бу кўрсаткич ҳозирги кунда дунёнинг етакчи шахматчилари орасида энг юқори ўсишлардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров аввалроқ даъвогарлар турнирида ғолиб чиқиб, жаҳон шахмат тахти учун баҳслашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Ҳозирда у дунёдаги энг истеъдодли ёш гроссмейстерлардан бири, шунингдек Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчиси сифатида эътироф этилмоқда.