Москва мэри Сергей Собянин сешанба куни эрталаб Россия пойтахтига учиб келган жами 60 та дрон ҳақида маълум қилди.
Одатдагидек, Москва мэрининг Telegram-каналида ҳеч қандай қўшимча тафсилотлар берилмаган, фақат "парчалар тушган жойда" фавқулодда хизматлар мутахассислари ишлаётгани ҳақидаги стандарт ибора келтирилган.
Шу билан бирга, Украинанинг "Exilenova+" мониторинг канали саноат объекти устидан кўтарилаётган олов устуни ва қуюқ тутун акс этган ўндан ортиқ видео ва фотосуратларни эълон қилди. Таъкидланишича, Капотнядаги нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) ҳужумга учраган.
Собянин Капотнядаги НҚИЗ ҳужумга учраганини тасдиқлади.
"Дронлардан бири Москва НҚИЗ объектига шикаст етказди. Жабрланганлар йўқ. Фавқулодда хизматлар воқеа жойида ишламоқда ва ёнғин бартараф этилди", — дея хабар берди Собянин.
Москва НҚИЗ аввал ҳам, 17 май куни Украина учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумига учраган эди. Ўшанда 12 киши яраланганди.
"Кубанда дронлар ҳужумидан кейин Краснодар ўлкаси Красноармейск туманидаги Полтавская қишлоқ аҳоли пунктида жойлашган нефт базаси ёнмоқда", — деб хабар беради "Интерфакс" минтақавий тезкор штабга таяниб.
"Интерфакс"нинг минтақавий тезкор штабга таяниб берган хабарида айтилишича, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар йўқ, ёнғин "дрон парчалари тушиши натижасида" содир бўлган.