Ўқитувчи рашк сабаб 2004 йилда туғилган талаба қиз ва унинг таниши бўлган 1975 йилда туғилган Хитой Халқ Республикаси фуқаросини пичоқлагани айтилмоқда.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 1998 йилда туғилган ўқитувчи томонидан содир этилган қотиллик оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда Zamon.uz'га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.
Маълум қилинишича, жорий йил 21 май куни Тошкент давлат жаҳон тиллари университетида ўриндошлик асосида ишловчи 1998 йилда туғилган эркак рашк сабабли 2004 йилда туғилган талаба қиз ва унинг таниши бўлган 1975 йилда туғилган Хитой Халқ Республикаси фуқаросига пичоқ билан ҳужум қилган.
Ҳодиса оқибатида Хитой фуқароси воқеа жойида вафот этган, талаба қиз эса оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилиб, 23 май куни вафот этган. Талаба қиз университетнинг талабалар турар жойида яшаган.
Ҳолат юзасидан Сергели туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.