8 июль куни Олий Мажлис Сенатида Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси доимий қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Хитой давлатларининг тарихий муносабатлари қадимдан то бугунга қадар давом этиб келаётгани, айниқса, икки давлат етакчиларининг дўстона алоқалари ва қатъий сиёсий иродаси туфайли ушбу ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани алоҳида эътироф этилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро муносабатларда парламентларнинг тутган ўрни юксак эканлигини, уни амалий мазмун бойитиш лозимлигини таъкидладилар. Бунда парламент дўстлик гуруҳлари ишини фаоллаштириш, ўзаро ташрифларни амалга ошириш, қўмиталар ўртасида яқин муносабатларни йўлга қўйиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон вилоятлари ва Хитойнинг провинциялари махаллий Кенгашлари ўртасидаги алоқаларни ўрнатиш, худудий ҳамкорликни кучайтириш бўйича билдирилган таклифлар меҳмонлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари ўртасида нафақат савдо- иқтисодий балки, маданий-гуманитар, илм-фан, таълим йўналишларида ҳам ҳамкорликни янада чуқурлаштириш лозимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида икки томонлама муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлашга келишиб олинди.
Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси доимий қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.