Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олган Бекарни қабул қилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик натижалари ва келгуси режалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, Туркия — Ўзбекистон учун яқин дўст, ишончли ҳамкор. Халқларимиз ўртасида қардошлик ришталари тарихий аҳамиятга эга бўлиб, сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал суръатда давом этмоқда.
Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 6 июнь куни Туркияга расмий ташрифи ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса, тиббиёт йўналишидаги лойиҳаларни амалга оширишда янги саҳифа очди.
Қайд этиш керак, бугунги кунда икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида даволаш муассасаларини қуриш, тиббий таълим ва менежментни ривожлантириш, кадрлар малакасини ошириш каби қатор йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириляпти.
Хусусан, айни пайтда Бухоро давлат тиббиёт институти негизида Соғлиқ билимлари университетининг тиббиёт факультети фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган йили очилган Ҳамширалар академиясида Соғлиқ билимлари университетининг “Ҳамширалик иши” факультети иш бошлади.
Шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) кўмагида жойларда беморлар учун тиббий кўриклар ташкил этилиб, уларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани ва юртимизнинг турли ҳудудларидаги туғуруқ комплекслари зарур жиҳозлар билан таъминлангани ўзаро муносабатларнинг яна бир муҳим йўналишидир.
Суҳбат чоғида А. Худаяров туркиялик етакчи мутахассислар иштирокида юртимизда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ривожлантириш, тиббий суғурта тизимини жорий этиш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва фармацевтика соҳасини такомиллаштириш бўйича бир қатор лойиҳалар режалаштирилаётганини айтиб ўтди.
Шунингдек, учрашувда тиббий таълим ва дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш каби бир қанча масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида элчи жаноблари Туркия томони Ўзбекистон билан соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни янада изчил ва юқори суръатда давом эттиришга тайёр эканлигини қайд этди.