Бугун 18 октябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон туризмининг тарихий рекордни янгилаши Президент ислоҳотлари самарасидир — Азиз Абдуҳакимов

Ўзбекистон туризмининг тарихий рекордни янгилаши Президент ислоҳотлари самарасидир — Азиз Абдуҳакимов

Ўзбекистон тарихида 2025 йилда сайёҳлар оқими бўйича рекорд натижа қайд этилди, яъни жорий йилнинг дастлабки 9 ойи давомида мамлакатга 8,6 млн нафардан ортиқ турист ташриф буюрди. Апрель ойидан бери эса хорижий сайёҳларнинг ҳар ойлик кўрсаткичи барқарор равишда 1 млн нафардан ошмоқда. Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, ушбу тарихий натижа шубҳасиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туризм соҳасини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш ва сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга қаратилган оқилона сиёсатлари мевасидир.

Ўзбекистон бугунги кунда халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларда юқори савияда иштирок этмоқда, 20 га яқин давлатда роад-шоу ва тақдимотлар ташкил қилинмоқда. Самарқандда “UN-Tourism” офиси очилди, Халқаро туризм академияси фаолияти йўлга қўйилди, туризм соқасида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектларига доимий равишда субсидия ажратилаётгани таъкидланмоқда. Бу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, туристлар сони ошиши билан бирга уларнинг Ўзбекистонда қолиш муддати ҳам узайгани қувонарли ҳолат.

Қолаверса, илгари юртимизга аксарият ёши улуғ сайёҳлар келган бўлса, эндиликда бу борадаги кўрсаткич ёшариб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу ўрнда узоқ хориж — Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Америкадан келаётган туристлар оқимининг сезиларли даражада ўсганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу жаҳон сайёҳлик харитасида Ўзбекистоннинг кундан-кунга танилиб бораётганини ва энг сайёхатбоп йўналишлардан бирига айланиб бораётганлигини кўрсатади.

Туристларнинг кўпайиши, табиийки, соҳадан тушаётган даромаднинг ошишига олиб келади. Бу эса ўз ўрнида миллий иқтисодиётнинг ўсишида муҳим роль ўйнайди. Илгари туристлар фақатгина муайян даврда келиши кузатилган бўлса, бугунга келиб, соҳага оид ислоҳотлар ва яратилаётган шароитлар натижасида туризм мавсуми тушунчаси йўқолиб бормоқда, яъни йил давомида туристлар сони барқарор сақланиб қолмоқда.

Виза режимини соддалаштириш ҳамда рақамлаштириш хизматларини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон дунёнинг энг меҳмондўст мамлакатларидан бири сифатида эътироф этила бошланди. 90 дан ортиқ давлатга визасиз режим ва электрон визанинг жорий этилиши, мамлакатга кириш-чиқиш талабларининг енгиллашуви, замонавий меҳмонхона ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши сайёҳлар сонининг ишончли ўсиши учун асос яратди. Бу ўз-ўзидан қўшимча иш ўринларини талаб қилгани боис маҳаллий аҳолининг даромадли иш билан таъминланиш даражаси ошиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Президентимизнинг пировард мақсади ҳам шу аслида, яъни маҳаллий аҳоли учун янги иш жойларини яратиш, ёшлар ва хотин-қизларни юқори даромадли иш билан таъминлаш ва бу орқали халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш.

Туризм қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таркибида фаолият юритиши барқарор ва экологик масъулиятли туризмни ривожлантириш тамойилларини жорий қилиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Бундай ёндашув туризмни ривожлантиришда мамлакатнинг табиий ва маданий бойликларини асрашга бўлган эътиборни кучайтиради. Зеро барқарор табиатсиз ҳеч бир соҳани, жумладан, туризмни ҳам ривожлантириб бўлмайди. Сўнгги йилларда бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши каби муаммолар ҳар қандай соҳани ривожлантиришда бу омилларни инобатга олиш зарурлигини ва Ўзбекистонда бу борада тўғри йўл танланганини кўрсатмоқда.

Экология вазирлиги Давлат раҳбари томонидан туристик хизматлар сифатини ошириш, ички ва ташқи туризмни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи туристик марказлардан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларини сидқидилдан амалга оширишда ҳамда туризмни табиат билан уйғунликда ривожлантиришда давом этади.

Киритилди: 15:53 16.10.2025. Ўқилди: 496 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!