Ўзбекистонда сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётда йилига 5 миллиард доллар даромад бой берилмоқда. Бу ҳақида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакатда, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади.
“Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилинаяпти”, — дейилади хабарда.
Республикадаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланмоқда. Масалан, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфланади. Иқлими ва ери Ўзбекистонникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатилаяпти.
“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради”, — дея қайд этилди йиғилишда.
Давлат раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.